Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришган даврда мамлакатимиз халқ хўжалигининг барча тармоқлари қаторида таълим тизими, унинг таркибий қисми бўлган Олий ва ўрта махсус таълими ҳам туб ислоҳотларни бошдан кечириб, такомиллашиб бормоқда. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва «Таълим тўғрисида» ги Қонуннинг қабул қилиниши (1997 йил, 29 август) , уларда мамлакатимиз таълим тизимини ислоҳ қилишнинг асослари, тамойиллари ва босқичларини белгилаб берганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Миллий мустақиллик ғоялари сингдирилган бу тарихий ҳужжатлар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида ривожланган мамлакатлар таълим тизимини ўрганишга ҳам кенг йўл очилди, иқтидорли ёш олимларимиз ва талабалар «Устоз» ва «Умид» жамғармалари орқали ривожланган хорижий мамлакатларнинг нуфузли олий ўқув юртларида таълим олишдек бахтга муяссар бўлмоқдалар. Ўз навбатида хорижий мутахассислар ҳам мамлакатимиз таълим тизимида рўй бераётган ислоҳотларни ўрганиб, уларга ижобий баҳо бермоқдалар. Бу каби алоқалар ўз навбатида мамлакатимиз таълим тизимига ривожланган мамлакатлардаги илғор педагогик технологияларни ўз миллий қадриятларимиз, ва халқ педагогикаси ғоялари нуқтаи назаридан таҳлил қилиб, ўқув жараёнига жорий этишни ҳам тақозо қилмоқда. Зеро, бу каби амалий ишлар мамлакатимиз таълим тизимини жаҳон таълим стандартлари билан интеграциялашувининг асосий белгиларидан бири бўлиб ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, Ўзбекистон Республикаси Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг иккинчи босқичида «ўқув-тарбиявий жараённи илғор педагогик технологиялар билан таъминлаш» алоҳида кўрсатиб ўтилган