Социология мустақил фан сифатида баралла намоён қилган ҳамда халқаро миқёсида кенг тан олинган ҳозирги замонда, унинг шахс ва жамият ривожланишига оид энг долзарб муаммоларни ечишдаги роли тобора ортиб бормоқда. Шу боисдан инсорпарварлик салоҳияти бепоён бўлган мазкур фанни ўрганиш, шу фанга оид ўқув-услубий қўлланмаларни яратиш, социологик назарий-методологик ва конкрет-амалий тадқиқотларни ривожлантириш катта аҳамият касб этади.
Социология ривожининг бир ярим асрдан зиёд тарихи, социологик институтлар, марказлар, олий ўқув юртларида, шу жумладан бизнинг мамлакатимизда ҳам махсус социология кафедраларининг тузилиши ва улар фаолияти мазкур ёш фаннинг маълум ютуқларига олиб келди.
Социология фанини ўрганиш жамиятнинг яхлит ва бир бутунлиги билан бир қаторда унинг зиддиятларини ҳам тушунишга ёрдам беради. Социология шахс, коллектив ва жамият ўзаро муносабатларининг қонун ва қонуниятларини очиб беради, шаклланаётган ёш авлод дунёқарашини беқиёс даражада кенгайтиради ва уларнинг жамиятдаги ўз ўрнини англашига кўмаклашади.
Ҳозирги даврнинг кескин ўзгарган социал-сиёсий шарт-шароитлари олий даражадаги мутахассисликка, даъвогар шахсларга қўйиладиган талабларни юксак даражага кўтаради. Ёш мутахассислар ўзларининг касб маҳоратларини мунтазам, системали равишда ошира бориб, замон қўйган муаммо ва ечимларни тез ва ижодий ҳал қилиш қобилиятига эга бўлишлари лозим. Бундай имкониятни уларга яратиб берувчи фанлардан бири социология фанидир.