Иқтисодиёт назарияси фанини, унинг қонун-қоидаларини билиш учун, энг аввало, иқтисодиётнинг ўзи нима, унинг вазифаси нималардан иборат, деган саволга жавоб бериш лозимдир. Инсоният ҳаёти ва унинг тараққиёти жуда мураккаб, кўп қиррали ва ғоят чигил муаммоларга бойдир.Бу муаммолар кишиларнинг моддий неъматлар ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш, фан, маданият, сиёсат, мафкура, аҳлоқ, давлатни бошқариш соҳаларидаги ва ниҳоят, оиладаги ва бошқа фаолият турларининг борган сари кўпайиб, ривожланиб ҳамда уларнинг ўзгариб бориши натижасида вужудга келади.