Гўзаллик ва озодалик инсонга хос энг оддий фазилатлардан бўлиб инсон доимо унга интилиб яшайди. Инсон қадим-қадимдан ўз яшаш жойларини гўзал ва обод қилиш учун ҳаракат қилиб келган. Чунки, шинам ва кўркам муҳит кишига ўзгача завқ бағишлайди.
Ҳозирги замонда медицина ҳам шинам ва кўркам жойлар кишининг меҳнат лаёқатини оширишни исботлади. Демак, шинамлик ва гўзал манзаралар кишига фақатгина завқ бериб қолмасдан, балки унинг меҳнат лаёқатига, соғлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси мустақилликни қўлга киритгач бундай гўзал муҳитни юзага келтиришга алоҳида эътибор қаратди. Айниқса, 2003 йили “обод маҳалла йили” деб эълон қилинишини бу борадаги олға қадам деб ҳисоблаш мумкин. Бугунги кунда республикамизнинг барча туман ва қишлоқларида, маҳалла ва муассасаларида манзарали гулзорлар барпо қилиш, атроф-муҳит кўкаламзорлаштиришлари қизғин тус олган. Чиройли кўкаламзорлаштирилган хиёбонлар, дид билан қурилган катта кўчалар шаҳар хуснига хусн қўшиб, аҳолини соф ҳаво билан таъминлайди. Яшил дарахтлар, бутазорлар, гулзорлар ҳавони чанг ва тутун ҳидидан тозалайди ва нормал микроиқлим яратади.