Тилшунослик фани тараққиётининг ҳозирги давригача тилнинг ички системаси муаммолари атрофлича ўрганилди. Бундай улкан ютуқларни умумий тилшунослик доирасида ҳам, хусусий тилшуносликларда ҳам бемалол кузатиш мумкин. Бу давр ичида тил бирликларининг формал – структур таҳлили, семантик ва функционал таҳлиллари бобида салмоқли илмий натижаларга эришилдики, бундай муваффақиятлар барчамизникидир.
Ўзбек тилшунослигида ҳам тил илмининг ҳар бир соҳасида фундаментал тадқиқот ишлари бажарилганини кўрамиз. Бунда тилшунос олимларимиздан Ф. Камол, У. Турсунов, Ф. Абдуллаев, А. Ғуломов, А. Рустамов, Ғ. Абдураҳмонов, М. Асқарова, А. Ҳожиев, Х. Дониёров, Ш. Раҳматуллаев, А. Абдуазизов, А. Нурмонов, Ҳ. Неъматов, Н. Маҳмудов, ва бошқаларнинг улушлари самарали бўлди.
Бироқ барча фанлар сингари тилшунослик фани ҳам ҳар доим тараққиётдадир. Шу боис тадқиқотларимиз кун тартибига янги-янги муаммолар қўйилавериши ўзига хос қонуниятдир. Шундай бўлмас экан,фанда ўсиш ҳам,тараққиёт ҳам бўлмайди.
Айтиш лозимки, тилшунослигимизда ҳозирги давргача «тил ва нутқ» дихотомиясининг биринчи компоненти атрофлича ўрганилди. Унинг иккинчи мучаси, яъни нутқ билан боғлиқ бўлган муаммолар тадқиқи тилшуносларимиз назаридан четда қолиб келди ёки мазкур масалага етарли эътибор берилмади.
Албатта, нутқ муаммолари тилнинг реал қўлланилиши масалалари билан бевосита боғлиқ бўлиб, бунда инсон омили муҳим мавқега эгадир. Чунки тил амалда инсон томонидан қўлланилади, унинг том маънодаги эгаси инсондир. Демак,тилнинг мураккаб системани тақозо этиши ҳам инсон тафаккури билан бевосита боғлиқдир.