Табиий ва бошқа стихияли кучлар таъсири натижасида юзага келадиган зарарларни қоплаш, олдини олиш ҳамда огоҳлантириш учун мақсадли йўналишдаги пул фондларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ иқтисодий муносабатлар йиғиндисига суғурта дейилади.
Суғуртанинг характерли белгилари қуйидагилардан иборат:
-Суғурта рискини мавжудлиги. Риск-суғурта муносабатлари пайдо бўлишининг асосий шартидир. Риск бўлмас экан, суғуртанинг бўлиши мумкин эмас. Рискнинг ҳажми, миқдори эҳтимоллар назарияси ва математик статистика усуллари ёрдамида аниқланади. Суғурта рискларини таҳлил килиш уларни 2 та йирик гуруҳга бўлишни тақозо этади. Яъни, риск суғуртавий ва суғуртасиз бўлади. Суғурта шартномаларида ўз аксини топган рисклар суғуртавий рисклар дейилади. Риск баҳосини пулда ифодаланиши суғурта ставкасини ташкил этади. Риск доимий кўрсаткич эмас, балки у доимо ўзгариб туради. Бу ўзгаришлар иқтисоддаги ва бошқа соҳадаги ўзгаришлар билан чамбарчас боғлиқдир. Суғурта ташкилоти рискни ривожланишини, ҳолатини доимо кузатиши лозим, яъни тегишли статистик ҳисоб олиб бориши, йиғилган маълумотларни қайта ишлаши ва таҳлил қилиши керак.