Мазкур услубий қўлланма А.Қодирий номидаги Жиззах давлат педагогика институти Услубий Кенгаши томонидан (2007 йил 16 июлдаги йиғилиш қарори) маъқулланган ва маъруза матнлари сифатида нашр этишга тавсия этилган. Мустабид тузум даврида марксистик ғоялар инсоният тафаккурининг олий чўққиси сифатида эътироф этилар, коммунистик ғоялар мутлақлаштирилиб, мафкурани фақатгина “Илмий коммунизм” нуқтаи назаридан талқин ва тарғиб этиш устувор эди. Асл идеология, яъни ғоя ва мафкураларнинг миллий ва умуминсоний тамойил ҳамда қоидаларини амалиётга тадбиқ этишга ҳаракат қилган мамлакатларда эса инсон қадри, фуқаролик жамиятига хос плюралистик дунёқарашни устувор этиш демократик жараёнларнинг асосий йўналишларидан бирига айланди. Бу эса, ўз ўрнида жамият тараққиётининг янги сифат босқичига кўтарилишига йўл очиб бермоқда.