Асрлар давомида буюк алломалар табиат, инсон ва жамият нима, улар ўртасида қандай алоқадорлик бор ёки у қандай бўлиши керак, деган саволга жавоб қидириб келганлар. Инсон тирик организм сифатида бошқа табиий объектлардан тубдан фарқ қилиши ҳамда унинг буюк куч-қудрати, одамзотни алоҳида бир мавжудот сифатида қарашга мажбур этди. Айниқса бундай дунёқараш ХХ-ХХI асрлар, яъни илмий–техника ютуқлари даврига келиб жуда авжига чиқди. «Табиат устидан ғалаба»га эришган инсон барча илму фан тармоқларида алоҳида бир куч-қудрат сифатида қараладиган бўлди. Лекин у аслида алоҳида бир «индивид» ёки ҳеч кимга бўйсунмайдиган «ҳоким» эмас, балки табиатнинг бир бўлаги, «табиат ошхонасининг бир анжомидир». Инсонни ҳеч қачон табиатдан ва уни ўраб турувчи атроф-муҳитдан ажратиб бўлмаслигига шу кунда барча прогрессив аҳолининг ишончи ҳосил бўлди.