Автомобиль транспорти соҳасида ишлайдиган муҳандислар учун нафақат автомобилнинг тузилиши ва ишлашини билиш зарур, балки унинг лойиҳаланиш жараёнини билиш, автомобиль конструкциясини яратиш чоғида кандай чекланишларга йўл қўйилганлиги ва қандай оралиқ ечимлар топилганлигини билиш ҳам муҳим. Чунки автомобилга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишларини яхши ташкил этишда юқоридаги билимлар зарур бўлади.
Автомобилни лойиҳалашнинг асосий мақсади илғор ва иқтисодий асосланган автомобиль турларини яратишдан иборат. Янги автомобилларни яратишда уларнинг афзалликлари ва мукаммалликларини баҳолаш учун ишлаб чиқарувчи ва фойдаланувчи корхоналар учун умумий бўлган мезон ва ўлчагичлардан фойдаланилади. Ҳар қандай маҳсулот учун, шу жумладан автомобиль учун ҳам асосий мезон бўлиб унинг сифати ҳисобланади. Автомобилнинг сифатини баҳолашда унинг ташқи кўриниши (дизайни), ёнилғи тежамкорлиги, муддат бузилмасдан ишлаши, тортиш динамикаси, тормоз самарадорлиги, таъмирлашга қулайлиги ва ҳоказолар ҳисобга олинади.