Бозор иқтисодиёти мураккаб, ўзаро бир-бирини тақозо этувчи жараёнлардан иборат бўлиб, унга ноаниқлик ва таваккалчилик элементлари хосдир. Бундай шароитда иқтисодий жараёнларни ўрганишда иқтисодий-математик усуллар ва моделлардан фойдаланиш кутилиши мумкин бўлган салбий ҳодисаларнинг олдини олиш имконини беради. Иқтисодий-математик усуллар ва моделлар илмий асосланган қонуниятлар асосида у ёки бу иқтисодий жараёнларнинг ҳозирги ҳолати (статикада), унинг истиқболдаги (динамикада) ўзгаришларини олдиндан кўрсатиб беришга имконият яратади. Чунки, бозор конъюнктурасини олдиндан башоратламасдан туриб, корхоналар маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва сотиш стратегиясини белгилай олмайдилар. Бозордаги рақобат кураши корхоналарга келажакда ўз маҳсулотларини рақобатбардош, сифатли ва арзон нархларда ишлаб чиқаришни тақозо этади.