Лексикология фани тилшуносликнинг бир бўлими бўлиб, у тилнинг луғат таркибини, яъни сўзларни ўрганади. «Лексикология» атамаси юнонча lехis - сўз ва logos «сўз, илм таълимот» сўзларидан ясалган бошқа сўз билан айтганда сўз ҳақидаги илм бўлиб, бу лексикологиянинг асосий тадқиқот манбаи сўз экаклигини таъкидлайди. Сўз тил системасидаги мустақил бирлик бўлиб, у тилнинг барча босқичларида иштирок этади. Фонетика учун сўз фақат товушлар занжири, яъни товушлар бирикмасидир. Сўз фонетика нуқтаи назаридан товушлар йиғиндисидир. Фонетик нуқтаи назаридан сўз таркибидаги фонемаларнинг талаффузи, ўрин алмашиши, ўзаро таъсири, товушларнинг тушиб қолиши ёки ортиши ўрганилади.