Ўзбек адабиёти тарихининг тараққиёт йўли, даврлаштириш тамойиллари ва у ҳақдаги баҳсу мунозаралар. Ўзбек мумтоз адабиёти халқимизнинг қадим замонлардан ХIХ асрнинг ўрталаригача вужудга келган ноёб бадиий дурдоналари ҳақида баҳс юритади. Табиийки, бу минг йилликларга чўзиладиган жараёнда дунё юзини кўрган бадиий асарларда халқимизнинг дастлабки эътиқодий қарашларидан тортиб ХIХ асрнинг ўрталаригача яшаб ижод қилган қаламкашларимизнинг ирфоний-фалсафий, адабий-бадиий, илоҳий-маънавий қарашлари ўз ифодасини топган.