Халқимиз фаровонлиги мақсадида давлатчилик ва қонунчилик янада ривожланиб бораётган бир пайтда «Юристнинг нутқ маданияти» фанининг ўқитилиши зарурлигини исботлаб ўтиришнинг ўзи ортиқчадир. Яъни нутқ мадниятини эгаллаш, маданий гапиришга интилиш, фикр маҳсулини матнга тўлақонли тушира олиш маҳорати барча касб эгаларининг, шунингдек, бўлажак юристларнинг ҳам иши ва орзуси бўлмоғи лозим. Бу шубҳасиз, бундан ташқари, ҳозирги кунда нутқ маданияти муаммосини кун тартибига ҳаётнинг ўзи қўймоқдаки, кишилик жамиятининг маданий-маърифийлигини бусиз тасаввур қилиш қийин. Шу сабабли нутқ маданияти, қонуний «нутқ эҳтиёжи» ҳаётий талабга айланиши аниқ.