Француз тилида модал феълларнинг содда гапларда қўлланиши ва уларнинг реаллик ва зарурият категорияларининг ифодаланиши. Маълумки, «бир ҳудудда, бир ижтимоий-иқтисодий муҳитда ёнма-ён фаолият кўрсатаётган тилларни қиёсий-типологик нуқтаи назардан ўрганиш, балки умумтилшунослик, шунингдек, ижтимоий-сиёсий ва социолингвистик томондан ҳам муҳим аҳамиятга эга» (Мирзаев 2004, 117). Бироқ бу соҳага доир изланишлар, айниқса, хорижий тилларни ўзбек тилига қиёслаб олиб борилаётган тадқиқотлар кўп эмас. Мазкур тадқиқот иши шу жиҳатдан ҳам долзарб ва аҳамиятлидир.
Ҳар қандай илмий муаммонинг ўртага қўйилиши ва бу соҳада тадқиқот ишларининг бошланиши маълум бир тарихий давр билан бевосита боғлиқ бўлиши шубҳасиздир (Турниёзов 2005, 21). Хусусан, тилда модаллик категориясининг тарихий қўлланиши ва модал феълларнинг турли маъноларни ифодалаши давр ўтиши билан ўзгариб, такомиллашиб ва ривожланиб бориши табиий ҳодисадир. Шундан келиб чиққан ҳолда, мантиқ ва тилда модаллик категориясининг шаклланиш тарихи ва ривожланиш хусусиятларини қадимги, ўрта аср, уйғониш ва ҳозирги давр билан бевосита боғлаб илмий таҳлил этиш, тил билан мантиқнинг ўзаро узвий боғлиқлиги масалалари ҳам ўта долзарб ҳисобланади.