Ҳаким Термизий асарларида валийлик мавзусининг ёритилиши, аллома қарашларини тасаввуф таълимотидаги «валоят назарияси»нинг шаклланишига кўрсатган таъсирини илмий жиҳатдан ўрганиш ҳамда валийлик ҳақидаги қарашларнинг янги босқичда акс этиши, исломда «авлиёлар культи»нинг шаклланиш тарихи, культ маросимлари ҳамда улар билан боғлиқ қарашларни ўрганиш ва таҳлил қилишдан иборат.. Мустақилликка эришганимиздан сўнг, ўтмиш маданий мероси ва қадриятларини ўрганишга кенг йўл очилди. Халқнинг маданий қадриятлари, маънавий мероси минг йиллар мобайнида Шарқ халқлари учун қудратли маънавият манбаи бўлиб хизмат қилган. Узоқ вақт давом этган қаттиқ тазйиққа қарамай, Ўзбекистон халқи авлоддан-авлодга ўтиб келган ўз тарихий ва маданий қадриятларини ҳамда ўзига хос анъаналарини сақлаб қолишга муваффақ бўлди . Шу боис, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида миллий ўзликни англаш, маънавий меросни ўрганиш ва тадқиқ этиш, ўтмишда яшаб ўтган мутафаккир ва алломаларнинг илмий-фалсафий ва диний-ахлоқий қарашларидан халқ оммасини баҳраманд этиш ҳаётий заруратга айланди .