Мавзунинг долзарблиги. Мустақиллик шароитида жамиятдаги янги ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида, жамият аъзоларини эркин, демократик тафаккур ва миллий ғоя руҳида тарбиялаш вазифаларини бажаришда тарих фанининг аҳамияти ортиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ўзининг “Юксак маънавият-енгилмас куч” номли китобида таъкидлаганидек: “Албатта ҳар қайси халқ ёки миллатнинг маънавиятини унинг тарихи, ўзига хос урф-одат ва анъаналари, ҳаётий қадриятларидан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди” . Истиқлол йилларида Ўзбекистон тарихининг кўпгина масалалари ўзининг янги, илмий жиҳатдан холис ва ҳаққоний ечимини топа бошлади. Бу айниқса, бир неча ўн йиллар давомида сохталаштирилиб, бир ёқлама талқин қилиб келинган совет даври тарихини ўрганишда яққол кўзга ташланади.