Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида» ги қонуни ва «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури» нинг иккинчи сифат босқичи учун белгиланган устувор йўналишлар, «Ахборот ҳақида», «ЭҲМ учун дастур ва маълумотлар базасининг ҳуқуқий ҳимояси ҳақида», «Алоқалар ҳақида»ги қонунлар талабига кўра Ўзбекистон Республикасини 2010 йилгача ахборотлаштириш соҳасини қайта қуришнинг миллий дастури ва телекоммуникацион тармоқни тараққий эттиришнинг меъёрий- ҳуқуқий асослари халқ таълим тизимида ҳам ахборот коммуникация технологияларини тадбиқ этиш учун мустаҳкам пойдевор яратди. Президент фармойишига биноан умумий ўрта таълим мактаблари моддий-техника базасининг ҳолатини танқидий баҳолаш ва мактаб таълимини ривожлантириш дастурини бажаришга қаратилган босқичма - боскич истиқболли режалар тузилмоқда ва амалга оширилмоқда. Бироқ, ханузгача халқ таълим тизимини ахборотлаштириш, ўқув жараёни учун виртуал лаборатория стендлари, виртуал стенд ва лабораториялар яратиш ҳамда масофадан ўқиш курсларини тадбиқ этиш бўйича етарли даражада ишлар кўлами бажарилмаган. Мазкур жараённи ташкил этиш, бу борада туғилган муаммо ва масалаларни ечиш учун мавжуд ҳолатни объектив тарзда таҳлил этиш ҳамда реал чора - тадбирлар ишлаб чиқиш зарур бўлади.