Мамлакатимиз ўз мустақиллигини қўлга киритгандан сўнг иқтисодий ислоҳотлар дастлаб аграр секторда бошланди. Чунки, мамлакат иқтисодиётининг асосий қисми қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ. Қишлоқ хўжалиги ва унинг асоси бўлган ер бошқа соҳалардан фарқли ўлароқ бир вақтнинг ўзида бир неча вазифаларни бажаради. У инсонлар яшаши учун жой (макон), иш қуроли ва ишлаб чиқариш предмети, даромад манбаи бўлиши билан бир қаторда аҳолини озиқ-овқат ва саноатни хом-ашё билан таъминлайди ва саноат маҳсулотлари учун бозор вазифасини бажаради.