Инсон ҳуқуқлари демократик ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим белгиси, ҳар бир давлатнинг демократик тараққиёт даражасини кўрсатувчи муҳим мезондир. Шунинг учун ҳам, инсон ҳуқуқлари халқаро ва миллий қонунчилик тизимда муҳим ўрин тутади. Зеро, инсон манфаатлари таъминланган, ҳуқуқ ва эркинликлар ҳимояланган давлатгина ҳуқуқий ва демократик давлат деб эътироф этилиши мумкин. Барпо этилаётган демократик давлат халқнинг урф-одатлари, узоқ йиллик тарихий тажрибаси билан ҳам ҳисоблашиши керак бўлади. Бу ҳақида Президентимиз: «Биз барпо этаётган демократик давлат халқимизнинг маънавий-руҳий дунёсини имкони борича тўлиқ ҳисобга олиб иш юритмоғи лозим. Юксак маънавийлик ва ижтимоий адолатни нозик ҳис этиши, маърифатли ва маълумотли бўлишга интилиш халқимизга хос хусусиятлардандир. Бу хусусиятлар кўп жиҳатдан Шарқ фалсафаси, ислом фалсафаси таъсирида шаклланган бўлиб, уларнинг ривожланишига ўзбек халқи бебаҳо хисса қўшганлигини ҳамма эътироф этади», деб айтиб ўтган эди. Бу жумлалар асосий қонунимиз ҳисобланган Конституциямизда: «Ўзбекситон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асоаланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади», деб таъкидланган ҳолда қонуний тус берилган .