ФЕНОЛОГИЯ

ФЕНОЛОГИЯ (юн. phainimena — ҳодиса ва… логия) — табиатдаги мавсумий ҳодисалар, уларнинг бошланиш муддатлари ва шу муддатларни белгиловчи омиллар тўғрисидаги билимлар системаси. «Фенология» терминини бельгиялик ботаник Ш. Морран таклиф этган (1853). Юксак ўсимликларда куртакларнинг бўртиши ва ёзилиши, барг чикариши, гунчалаш (шоналаш), гуллаш, уруғ ва меваларнинг пишиб етилиши, кузда барглар сарғайиши ва тўкилиши (хазонрезгилик); сут эмизувчи ҳайвонларда қишки уйқудан уйғониш, жуфтлашиш, болалаш, мавсумий туллаш ва ҳ. к. ; қушларда баҳорги учиб келиш, уя солиш, тухум қўйиш, жўжа очиш, кузги учиб кетиш ва б. ; балиқларда баҳорги серҳаракат ҳаёт, увилдириқ (икра) ташлаш, мавсумий кўчиб юриш; ҳашаротларда қишлаб чиққан индивидларнинг баҳорги уйғониши, ғумбаклардан ҳашаротлар пайдо бўлиши, тухумдан личинка (қурт) очиб чиқиши, жуфтлашиши, тухум қўйиши ва ҳ. к. нинг содир бўлиш муддатларини ўрганади.

Текшириш объектига биноан, Фенология умумий ва хусусий Фенологияга бўлинади. У мумий Фенология табиат тараққиётини йил фаслларининг бир меъёрда алмашиниб туриши б-н боғлиқ ҳолдаги яхлит ҳодиса сифатида ўрганади. Хусусий Фенология фитофенология ёки ўсимликлар Ф. си ҳамда зоофенология — ҳайвонлар Ф. сига бўлинади. Фитофенологияда маданий ва ёввойи ўсимликлар, бегона ўт ва б. нинг мавсумий ривожланиши ўрганилади.

Табиатдаги мавсумий ҳодисалар қадимдан ўрганила бошлаган. Хозирги илмий Фенология 18-а. да қарор топди. 1734 й. да француз олими Р. Реомюр ғалла экинлари ва ҳашаротларнинг мавсумий ривожланиши хароратга боғлиқ эканлигини ўргана бошлади. 1748 й. дан бошлаб К. Линней фенологик кузатишлар олиб борди ва 1750 й. да кузатув пунктларининг биринчи тармоғини ташкил этди. 19-а. ўрталарига келиб, Ғарбий Европадаги барча йирик мамлакатлар ва Россияда фенологик кузатишлар олиб бориладиган бўлди. 20-а. да фенологик кузатишлар ва тадқиқотлар Марказий Европадаги ҳамма мамлакатлар ҳамда АК,Шда, кейинроқ бориб, бошқа мамлакатларда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам кенг тарқалди.

Табиатдаги мавсумий ҳодисаларнинг бошланиш муддатларини белгилаб берувчи омиллар ва қонуниятларни экологик Фенология ўрганади. Бу омиллар эндоген ва экзоген омилларга бўлинади. Экзоген омилларни ташқи муҳит белгилайди. Ўсимликларнинг баҳорги уйғониш муддатларини, асосан, иссиқлик режими белгилаб беради. Ҳайвонларда мавсумий ҳодисаларнинг муддати, кўпинча, уларнинг озикланиш шароити билан боғлиқ. Mac, ҳашаротхўр қушлар баҳорда ҳашаротлар кўпайган вақтда учиб келади.

Одатда, ўсимликлар устида ўтказиладиган фенологик тадқиқотларда визуал кузатиш, миқдорий ўлчаш (мас, ўсимликлар массасининг ўсиши), интеграл (у ёки, бу ривожланиш фазасига кирган ўсимликлар сони фоиз ҳисобида) методлар қўлланади. Ҳар йиллик кузатишлар натижаси спектрлар шаклида; муайян ҳудудда ўсимликларнинг ҳар хил фенофазага кириш муддатлари жадвал ва график шаклда табиат календарига қайд этиб борилади. Одатда, бундай кузатишлар махсус ажратилган тажриба майдончалари ва табиат қўриқхоналарида ўтказилади. Кузатиш натижалари, яъни у ёки бу фенофазалар муддати географик атласлар таркибига кирувчи фенологик хариталарга туширилади.

Фенология маълумотларидан қ. х. экинларини экиш ва ҳосилни йиғиштириб олишнинг энг қулай муддатларини белгилаб бериш, асаларилар учун асал ширали ўсимликлар ва яшил хиёбонлар ташкил этиш учун дарахтларни танлашда, ўрмонларда ва б. жойларда ёнғин энг кўп хавф туғдирадиган фаслларни аниклашда фойдаланилади.