ЭШАКЕМИ

ЭШАКЕМИ, уртикария — терига, баъзан шиллиқ қаватларга тошмалар тошиши билан кечадиган касаллик. Организмнинг аллергик реакцияси (қ. Аллергия), айрим овқатлар (тухум, шоколад, қулупнай, мандарин) ва дорилар (антибиотиклар, сульфаниламид препаратлар, хинин ва бошқалар)га нисбатан сезувчанликнинг ортиши, ҳашаротлар (ари, чаён) чақиши, гул ҳидлаш ёки бирор ўсимлик (қичитқи ўт) тегиб кетиши туфайли вужудга келади. Бир неча соатдан кейин Эшакеми батамом йўқолади, баъзан қайталаниб туради. Эшакемининг ботбот қўзийдиган сурункали шакли ойлаб чўзилади; бу, одатда, организмда моддалар алмашинуви ва меъдаичак фаолиятининг бузилиши, жигар, буйрак касалликлари; гижжа касаллиги ва секин кечадиган ўчоқли инфекциялар: муртак бези, буруннинг ёндош бўшлиқлари ва қулоқнинг яллиғланиши (тонзиллит, гайморит, отит) билан боғлиқ. Кишиларнинг иссиқ ёки совуққа нисбатан сезувчанлигининг ортиши ҳам сурункали Эшакемига сабаб бўлади. Касаллик тўсатдан бошланади: баданга шакли ҳар хил, каттакичик, оч қизғимтир қавариқлар тошиб, қаттиқ қичишади; теридан бўртиб чиқиб туради; улар тезда катталашиб, бир-бирига туташиб кетади; палахсапалахса бўлиб чиққан тошманинг ўртаси оқаради; бемор лоҳасланади, т-раси кўтарилади. Баъзан теридаги Эшакеми тошмалари жуда йирик бўлиб (йирик Эшакеми ёки Квинке шиши), бунда юмшоқ танглай, ҳалқум ва ички аъзоларнинг шиллиқ қаватлари ҳам шишиши мумкин. Эшакемининг бу шакли оғирроқ кечади. Даво врач кўрсатмасига биноан олиб борилади. Сутўсимлик маҳсулотларидан тайёрланган парҳез таомлар (туз ва қанд микдори кам) буюрилади; аллергик реакция берадиган тухум, шоколад, лимон, шунингдек, қази, колбаса, спиртли ичимликлар ва аччиқ овқатлар истеъмол қилмаслик; ичакларнинг нормал юриб туришини таъминлаш лозим. Эшакемининг олдини олишда энг асосийси одам ўзига ёқадиган ёки ёқмайдиган овқат ҳамда дориларни ажрата билиши ва ёқмайдиганини истеъмол қилмаслиги зарур.