ЭСТОН ТИЛИ — фин-угор тиллари оиласи таркибидаги болтиқбўйи-фин гуруҳига мансуб тил; асосан, Эстонияда, қисман РФ, Швеция, АҚШ, Канада, Австралия ва бошқалар мамлакатларда тарқалган. Сўзлашувчиларнинг умумий сони 1,1 млн. кишидан ортиқроқ (жумладан, Эстонияда 970 минг кишидан ортиқ, РФда — 46 минг, Швеция — 25 минг, АҚШ — 25 минг, Канада — 25 минг, Австралия — 6 минг). Қуйидаги лаҳжа гуруҳлари бор: шим. эстон (орол лаҳжаси, ғарбий, ўрта ғарбий ва шарқий шевалар), жан. эстон (мульк, тарту, вирус лаҳжалари) ва шим. шарқий соқилбўйи лаҳжаси. Бошқа болтиқбўйифин тилларидан фарқли равишда Эстон тилида барча чўзиқ унлилар, дифтонглар, ундошлар ҳамда ундош қўшилмаларидаги чўзиқлик даражаларининг алмашиниб келиши кузатилади. Биринчи бўғиндаги урғу — асосий, учинчи бўғиндаги урғу эса иккинчи даражали ҳисобланади. Барча унлилар ва дифтонглар сўзнинг биринчи бўғинида бемалол қўлланади, бошқа бўғинларда эса айрим унлилар (дифтонглар)гина қўллана олади. Эстон тилининг морфологик қурилиши флективагглютинатив хусусиятга эга.
Эстон тили даги дастлабки ёзма материаллар 13-асрга мансуб бўлсада, нисбатан каттароқ матнлар 16-аср бошларидан маълум. Босма китоб 1535 йилда пайдо бўлган. 16-асрда шим. эстон ва жан. эстон лаҳжалари асосида 2 та адабий тил, 19-аср дан бошлаб барча ҳудудларда шим. эстон адабий тили қўллана бошлаган. 19-асрнинг 2-ярмидан ягона адабий тил шакллана бошлаб, унинг меъёрлари 20-асрнинг 1-ярмидагина барқарорлашди. Ёзуви лотин графикаси асосида.