ЭНДОТЕЛИЙ (эндо… ва юн. — сўрғич) — ҳайвонларда бир қатор бўлиб жойлашган ясси ҳужайралар қавати. Қон ва лимфа томирлари, юрак ва тана бўшлиғининг ички юзасини қоплаб туради. Эндотелий унинг остида жойлашган тўқималардан базал мембрана орқали ажралган. Мускул, ўпка, марказий нерв системаси капиллярлари деворидаги узлуксиз Эндотелий ҳужайранинг юқори даражада танлаб ўтказиш хусусиятини таъминлайди. Бир қанча органлар (мас, буйрак чигали найлари, ичак ворсинкалари, эндокрин безлар) капиллярлари Эндотелийси ҳужайралари цитоплазмасида юпқалашган қисмлар (фенестрлар) бўлиши капиллярлар девори орқали муайян моддалар ўтишини тезлаштириши мумкин. Узлукли Эндотелий қон ҳосил қилувчи, жигар, буйрак усти бези ва бошқалар органларнинг кенгайган капиллярлари (синусоидлари) учун хос; улар орқали йирик молекулалар, ҳар хил заррачалар, ҳатто ҳужайралар ўтказилади. Бу ҳужайралар фагоцитоз хусусиятига эга бўлиб, ретикуляр эндотелий системасига киради. Эндотелий митотик фаол бўлиши туфайли қон ва лимфа томирлари тикланади.
Ўсимликларда Эндотелий — уруғкуртакнинг ички интегументи бўлиб, муртак халтасини ўраб туради; нуцеллиус уруғлангандан сўнг унинг ўрнини Эндотелий эгаллайди. Эндотелий бир пўстли уруғкуртаклар, шунингдек, гулининг тожбарглари қўшилиб ўсадиган кўпчилик ўсимликлар учун хос.