ЭЛЕФАНТИНА

ЭЛЕФАНТИНА — Нил дарёсидаги орол (Асвон қаршисида) ва ундаги қадимий қишлоқнинг юнонча номи. Э. Қад. Мисрнинг жан. даги вилоятлар билан мол айирбошлаш савдоси (фил суяги ва бошқалар маҳсулотлар) маркази ва Нубия билан чегарадош маъмурий округ — ном (қ. Номлар) пойтахти бўлган. Оролда қадимий подшоликдан Рим империясининг сўнгги даврига оид тарихий ёдгорликлар аниқланган. 18 ва 19сулола фиръавнлари даврида Элефантинада маъбуд Хнум, маъбудалар Сатис, Анукис ва бошқалар ибодатхоналар қурилган, уларнинг харобалари 19-аср бошига қадар сақланган. 1908 йил мумиёланган муқаддас қўйларнинг тош сарқофалардаги некрополи очилган. Гранитдан ишланган Зафар аркаси (мил. ав. 4-аср охири), Страбон тавсифлаган сув сатҳининг кўтарилишини ўлчовчи нилометр, Миср иератик папируслари (мил. ав. 25-аср), маҳаллий номархлар архиви, оромий папируслари ва Элефантинада жойлашган яҳудий ҳарбий манзилгоҳлар архивига доир сопол парчасига ёзилган битиклар (острака, мил. ав. 6—5-асрлар) топилган.