ДРИОПИТЕКЛАР

ДРИОПИТЕКЛАР (Dryopithecinae) — қирилиб кетган одамсимон маймунлар кенжа оиласи. Дриопитекларнинг скелет қолдиқлари (асосан тишлари, жағларининг синиқлари, баъзан бош суяги ва қўлоёқлар скелети) миоцен ва илк плиоцен ётқизиқларидан Ғарбий Европа, Жан. Осиё ва Шарқий Африкада топилган. Айрим Дриопитекларда горилла ва шимпанзеникига ўхшаш белгилар пайдо бўла бошлаган. Кўпчилик олимларнинг фикрича, Дриопитеклар кам ихтисослашган чала маймунлар ҳисобланади. Уларга ҳоз. Африка одамсимон май-мунлари сифатида қараш мумкин. Улар орасида қолдиқлари Ўрта денгиз чўкиндилари (Австрия)да топилган дарвин дриопитеги (Dryopithecus darvini) бошқаларига нисбатан одамга энг яқин туради.