ДРАЙЗЕР (Dreiser) Теодор Герман Альберт (1871.27.8, Терре-Хот – 1945.28.12, Голливуд) — Америка ёзувчиси ва жамоат арбоби. «Чикаго дейли ньюс» («Chicago Daily News») газ. муҳаррири (1892). Биринчи йирик асари «Бахти қаро Керри» (1900) ва «Женни Герхардт» (1911) романларида оддий қизлар тақдиридаги ижтимоий-ахлоқий масалалар тасвирланган. «Истак трилогияси» («Молиячи», 1912; «Титан», 1914; «Матонат» 1947) юлғичликнинг фойдасизлигини тушуниб етган молиячи ҳақида. «Даҳо» (1915) ва «Америка фожиаси» (1925) романларида пулнинг санъат устидан фожиали ҳукмронлиги ва қандай йўл билан бўлмасин, ижтимоий «ютуққа» эришишга интилган «ўрта ҳол» йигитнинг маънавий ҳалокати ҳикоя қилинади. «Таянч» (1946) романи, «Йигирма эркак» (1919), «Катта шаҳар ранглари» (1923), «Занжирлар» (1927) «Аёллар галереяси» (1929) новеллалари, «Барабан қоқ!» (1920), «Фожиавий Америка» (1931) ва б. публицистик тўпламлари нашр этилган. Д. Амстердамда ўтказилган тинчлик ва маданиятни сақлаш бўйича конгресс ташкилотчиларидан бири (1932). Драйзер уз ижодида реализм билан натурализм тамойилларини бирлаштирган. «Бахти қаро Керри» (1973), «Америка фожиаси» (1976), «Женни Герхардт» (1982) романлари ўзбек тилида нашр қилинган.