ДОҒВОЙ (Codonopsis clematidea) — қўнғироқгулдошлар оиласига мансуб, қўланса ҳидли кўп йиллик ўт. Бўйи 50 — 80 см. Илдизи бақувват, дуксимон. Барглари, асосан, қарамақарши ўрнашган. Гули қўнғироқсимон. Тожбарглари оч ҳаворанг. Июнда гуллаб, авг. охирида мева беради. Тошкент, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги тоғларнинг зах ерларида ва дараларнинг тубида ўсади. Доғвойдан кодонопсин ва кодонопсинин алкалоидлари олинади. Поя ва баргларида алкалоидларнинг умумий микдори 0,04 — 0,08%. Маҳаллий халқ Доғвой пояси ва баргларидан тайёрланган дамламани бош оғриғи, офтоб уриши, сариқ касаллиги ва турли тери касалликларини даволашда ишлатади.