ДОМЬЕ (Daumier) Оноре Викторьен (1808.26.2, Марсель – 1879.11.2, Вильмондуа, Париж яқинида) — француз рангтасвири устаси, график рассоми ва ҳайкалтароши; танқидий реализмнинг йирик вакили. 1814 й. дан Парижда; 20-й. ларда расм, рангтасвирдан таълим олган, литография санъати асосларини ўрганган. 1830 й. инқилобидан кейин сиёсий карикатуралар, ҳажвий расмлар яратган, улар алоҳида варақларда ёки безакли нашрларда босилган. Сиёсий арбобларнинг ўткир сюжетли бюстлари (1830—36, 36 та бюст сақланган) кейинчалик портрет-шаржлар яратиш учун асос бўлган («Олтин кесимнинг машхур кишилари», 1832—33). Домье литография асарларида («Қонун чиқарувчилар уяси», «Биз ҳаммамиз ҳалол одамлармиз, келинг қучоқлашайлик», «Бунисини озодликка чиқарса бўлади», 1934; «Транснонен кўчаси» ва б. туркумлар) бағритош, манман, иккиюзламачи ҳукмдорларни қаттиқ танқид остига олган. 1834 й. дан кейин Домье асосан маиший ҳажвий расмлар ишлаш билан чегаралана бошлайди («Робер Макер», 1836—38; «Марҳаматли буржуа», 1846—49 ва б.). Д. рангтасвири романтизм билан боғлиқ, образларнинг ўткир тавсифи, эркин ва моҳирона жамланган лирик ва жўшқин ҳаракатли ранг тизими, нурсоя ўйинидаги кескинлик асарларига алоҳида жозиба бахш этган («Қўзғолон», 1848; «Баррикададаги оила» ва б.). Оддий халқнинг ички қудрати ва маънавий гўзаллигини ифода этган «Кир ювувчи» (1859), «Учинчи класс вагони» (1862 — 63) ва б., диний мифологик мавзуда композициялар, портретлар, Дон Кихотга бағишланган қатор асарлар яратган («Дон Кихот», 1868 ва б.).