ДОЛОМИТ (франц. минералоги Д. Доломье номидан) — карбонатлар синфига мансуб минерал. Кимёвий формуласи (CaMgCO3)r Оз микдорда темир, марганец, кобальт, баъзан мис, барий, қўрғошин ва б. бўлади. Сингонияси тригонал. Ромб, донадор, буйраксимон шаклларда учрайди. Ранги кулранг оқ, сариқ, кулранг-яшил. Шишасимон ялтироқ. Қаттиқлиги 3,5—4. Зичлиги 2,9 г/см3. Табиатда кенг тарқалган. Доломит конлари Россия (Урал), Украинада бор. Ўзбекистонда Доломит гидротермал, полиметалл конларида (Хондиза, Учқулоч, Қўрғошинкон ва б.) кварц, барит, пирит, сфалерит, галенит б-н ертомирлар ҳосил қилган. Зирабулоқ ва Зиёвуддин тоғларида силур даври, Чатқол, Қурама ва Нурота тоғларида девон даври чўкинди жинсларида Доломитнинг қалин қатламлари мавжуд. Доломит металлургия, кимё саноатида флюс, термоизоляция материали сифатида ва қурилишда ишлатилади.