ДОВИЙ

ДОВИЙ (тахаллуси; асл исми Абдулҳоди Абдулаҳад ўғли) (1893 — Кобул — 1982.19.8) — афгон маърифатпарвар шоири, давлат ва жамоат арбоби. Илк шеърий китоби («Тошқин», 1945) пушту тилида ёзилган. Садриддин Айнийншнт «Мозий ва ҳол» («Ўтмиш ва бугун») номли шеърига татаббу сифатида «Жаридалар таърифи ва фойдалари ҳақида» («Дар таъриф ва фавойиде жаройид», 1914) сарлавҳали мухаммас ёзиб, унинг биринчи мисрасида Маҳмудхўжа Беҳбудий (1875—1919) томонидан Самарқандда нашр этилган «Ойина» журнали (1913— 15) ҳақида ижобий фикр билдиради. Маърифатпарварлик мавзуидаги «Бад набуд» («Ёмон бўлмасди», 1917), «То ба кай?» («Қачонгача», 1918) ҳамда эркпарварлик рухида ёзилган «Булбуле герефтор» («Тутқун булбул», 1917) номли шеърий асарлари шуҳрат қозонган. Довий 1920 — 21 й. лар Афғонистоннинг Бухоро Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси вазифасида ишлаган, 1923 й. да эса у Афғонистон ҳукуматининг фавқулодда ҳайъати раҳбари сифатида иккинчи бор Бухорога келиб, расмий кишилар билан музокаралар олиб борган. Бу сафарлари чоғида Д. Бухоро жадидлари б-н мулоқотда бўлган. Абдурауф Фитрат (1886—1938) у ҳакда яхши фикрда бўлган. Довий сиёсий, ижтимоий, адабий мавзуларда ёзилган 20 дан ортиқ китоб, рисола ва таржималар муаллифи.

Ад.: Иномхўжаев Р., Афғонистон маърифатпарварлик адабиёти очерклари, Т., 1999.