ДЕВОРИЙ РАССОМЛИК

ДЕВОРИЙ РАССОМЛИК — безак санъати соҳаси, бевосита бино девори, шифти, устуни сувоғи устидан ёки уларга мустаҳкамланган мато, қоғоз ва б. га бўёклар ёрдамида ишланадиган тасвир ёки нақш. Меъморлик билан боғлиқ ва кўпинча соф безак хусусиятига эга бўлган барча маҳобатли рассомлик асарларини (мозаика, намоён бундан мустасно) ўз ичига олади. Деворий рассомликда сюжетли (тарихий, маиший, батал жанрларида), манзарали ва б. мавзуларда асар яратишда фреска, темпера, елим рассомлиги, мум рассомлиги, мой-бўёқ рассомлиги ва б. дан фойдаланилади.

Энг қадимги Деворий рассомлик намуналари (ғор ва қояларга ишланган расмлар) сўнгги палеолит даврида юзага келган. Қад. ва ўрта асрларда Деворий рассомликнинг нодир намуналари яратилди. 7—8-а. ларда Марказий Осиё (Варахша, Панжакент ва б.)даги ибодатхоналар, саройлар тасвирлар билан безатилган бўлса, ўрта асрларда мусулмон мамлакатларида нақшли мужассамотлар кенг тарқалган (яна қ. Наққошлик). Қад. Миср деворий расмлари, Хитой (Дуньхуан) ва Ҳиндистон (Ажанта)да ғор-қояларга ишланган тасвирлар ажралиб турган. Европада эса маълум диний тартибларга мойил кўтаринки руҳдаги Деворий рассомлик намуналари Византия, Грузия, Болқон, Қад. Русда рассомлик санъатининг муҳим турига айланди. Уйғониш даврида Италияда (Жотто, Мазаччо, Леонардо да Винчи, Рафаэль, Микеланжело ва б.) гражданлик руҳидаги чуқур реалистик Деворий рассомлик асарлари яратилди. Роман услуби, готика, барокко услубларидаги биноларда соф безак хусусиятига эга бўлган Деворий рассомлик намуналари юзага келган, 17—18-а. ларда Деворий рассомлик ўрнини витраж, гобелен, ойна ва б. эгаллай бошлаган. 19-а. да Деворий рассомликга қизиқиш ортган.

Ўзбекистонда Деворий рассомлик қадимдан маълум бўлган. Сурхондарё (Холчаён, мил. ав. 1-а., Тупроққалъа, 3-а., Болаликтепа қасри, 5—6-а. лар), Бухоро яқини (Варахша саройлари, 7-а.) ва Афросиёб (7-а.) даги Деворий рассомлик намуналари бадиий жиҳатдан қимматли. Сюжетли расмларда ўша даврдаги ҳаёт лавҳалари, ҳайвон тасвирлари, базм, сафар, қабул маросимлари, шоҳларнинг қаҳрамонликлари акс эттирилган (яна қ. Афросиёб деворий расмлари). Тарихий қўлёзмаларда ислом дини хукмронлиги даврида нақшли мужассамотлар билан бир қаторда сюжетли Деворий рассомлик намуналари яратилганлиги (мас, Амир Темурнинг Самарқанддаги Дилкушо саройи деворлари қаҳрамонона жанг лавҳалари, тасвирлар билан безатилганлиги) ҳақидаги маълумотлар учрайди. 19-а. охири 20-а. бошларида европача услубда қурилган бинолар (Тошкентдаги Половцев уйи — ҳоз. Ўзбекистан Амалий санъат музейи, Самарқанддаги Калантаров уйи — ҳоз. Ўзбекистон халқлари маданияти ва санъати музейи бўлими ва б.) Д. р. асарлари билан безатилган. 20-а. ўрталаридан Деворий рассомлик янги мазмун билан бойиди, биноларни безашда кенг қўлланила бошланди. Дастлабки йирик Деворий рассомлик намуналари Ч. Аҳмаровнинг Навоий театри фойеларига Навоий достонлари асосида ишлаган расмлари бўлди. 1950 — 60 й. ларда Деворий рассомлик беқиёс даражада ўсди (А. Ган, В. Соседов ва айниқса, Ч. Аҳмаров самарали меҳнат қилдилар), такомиллашди, ажойиб деворий расмлар яратилди. Ўзбекистан ФА Шарқшунослик ин-ти, Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейи, «Баҳор» концерт зали, «Алишер Навоий» метро бекати, «Киночилар уйи», Темурийлар тарихи давлат музейи ва б. жамоат биноларига ишланган Деворий рассомлик намуналари бадиий жиҳатдан қимматлидир. Ўзбекистонда Деворий рассомликнинг кейинги таракқиётига рассомлардан Б. Жалолов, Т. Соипов, Т. Болтабоев ва б., наққошлардан А. Илҳомов, К. Каримов ва б. муносиб ҳисса қўшмоқда.