ДЕВОРИ ҚИЁМАТ, Девори кўндаланг — археологик ёдгорлик, қад. Самарқанд ва унинг атрофидаги қишлоқларни ураган мудофаа девори харобаси (мил. ав. 4—2-а. лар — мил. 8-а.). Самарқанднинг жан. да Дарғом каналининг ўнг қирғоғи бўйлаб кўтарма (бал. 4 м гача, кенглиги 12 м, уз. 50 м) шаклида сақланиб қолган. Девори қиёмат харобасини В. Л. Вяткин текширган (1903). 1936 й. да М. Е. Массон Шарқ географлари маълумотлари билан археологик қазиш-малар натижаларини қиёслаган. 1969 й. да Ю. Ф. Буряков, М. М. Тошев археологик қазишмалар олиб борган. Ўрта аср Шарқ манбаларида ёзилишича, Девори қиёматнинг уз. 12 фарсах (72 км), бал. 14 газ (тахм. 10 м) бўлиб, тепаси кунгурадор буржлар билан мустаҳкамланган 12 дарвозаси бўлган. Деворнинг энг чет нуқталари шарқда Чўпонота тепалигининг ён бағирлари, жан. да Дарғом каналига яқин жой, ғарбда Хешрав қишлоғи ва шим. да Қундуз Сўфи қишлоғи бўлган.
Археологик тадқиқотлар натижасида Девори қиёматнинг айрим қисмлари турли даврларда қурилганлиги аниқланди. Дастлаб (мил. ав.4-а.) Д. қ. нинг шим. қисми пахсадан 2 қатор қилиб, ўртаси йўлаксимон хоналар шаклида қурилган. Кейинчалик бу хоналарга мурдалар кўмилган. Абу Муслим буйруғи билан Девори қиёмат 752—753 й. ларда жан. га 7,5 фарсах (45 км) давом эттирилиб, янги аҳоли зич яшайдиган ҳудуд ўраб олинган. У пахса ва хом ғиштдан қурилган. Девори қиёматнинг жан. қисми 1466 й. дан бошлаб Девори кўндаланг деб аталган. 19-а. да эса Искандар девори деган ном билан ҳам юритилган. Бу девор Д. қ. деб 18-а. дан сўнг атала бошлаган.