ДЕВОНИЙ

ДЕВОНИЙ (тахаллуси; асл исмшарифи Муҳаммадкомил Исмоил Девон ўғли) (1887, Хива яқинидаги Сангар қишлоғи — 1938, Тошкент) — шоир. Хивадаги Арабхон мадрасасида таълим олган, форс тили, хаттотлик санъатини ўрганган. Феруз саройида бирмунча вақт котиблик қилган. Шеърларида замона носозликларини танқид қилган, маърифатпарварлик ғояларини илгари сурган («Афсус» радифли ва б. шеърлари). Шоир ижодига Табибий («Мажмуат уш-шуаро») ва Лаффасий («Тазкираи шуаро»)лар юқори баҳо берганлар. Девонийнинг девонлари асл нусхалари Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ин-ти (инв. № 901, 906, 1142) ва ўғли Ҳамза Комиловнинг шахсий кутубхонасида сақланади.