ДАРИК — қад. Эрон олтин тангаси. Дарикнинг пайдо бўлишини ахоманийлар подшоси Доро I (мил. ав. 522—486) номи б-н боғлайдилар. Бир Дарик (оғирлиги 8,4 г) 5,6 г оғирликдаги 20 та кумуш танга қийматига тенг бўлган. Доро III Кодоман даврида (мил. ав. 336—330) икки ҳисса оғирликдаги Дариклар (16 г) чиқарилган. Дарик ларга кенг бичимли шарқ кийими ва кунгурали тож кийган, камон ва найза ушлаб турган жангчининг тасвири туширилган. Бундай тангаларнинг мамлакатимиз ҳудудидан топилиши Ўрта Осиё билан Эрон ўртасида қадимдан савдо алоқалари мавжудлигини кўрсатади.