ДАРИ ТИЛИ — ғарбий, шарқий эронийлар (форслар, афғонлар ва б.) адабий тили. 9-а. охирлари ва 16-а. бошларида ҳоз. Эрон, Афғонистон, Озарбайжон, қисман Марказий Осиё ва Шим.-Ғарбий Ҳиндистон ҳудудларида тарқалган. Шарқнинг кўп шоирлари, хусусан Рудакий, Ҳофиз, Шерозий, Умар Хайём, Носир Хисрав, Бедил, Низомий Ганжавийлар шу тилда ижод қилган. Буюк ўзбек шоири Алишер Навоий Д. т. да ёзган шеърларидан девон тузган («Девони Фоний»). Д. т. ни форсий дари, форсий деб ҳам атаганлар. Дари тили эроний бўлмаган халқлар томонидан ҳам ри-вожлантирилди ва такомиллаштирилди. Шунга кўра, у байналмилал — халқлараро алоқа тили тавсифига эга бўлди. 15-а. 2-ярмидан бошлаб Дари тили сиёсий ва б. ижтимоий сабаблар билан дифференциацияланди, 20-а. га келиб 3 кўринишга эга бўлди (форс адабий тили — Эронда; тожик адабий тили — Тожикистонда; адабий Дари тили — Афғонистонда). Ҳоз. Дари тили Афғонистондаги икки расмий тилнинг (пушту тили билан бир қаторда) бири. Бу тил аввал «Афғонистоннинг форс тили» ёки «форси-кобули» деб аталган.