ДАРВЕШ МУҲАММАД ТОҚИЙ (15-а. 2-ярми — 16-а. бошлари, Ҳирот) — машҳур хаттот, настаълиқ хати устаси. Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий билан ҳамсуҳбат бўлган, уларнинг асарларини чиройли настаълиқ хатида кўчирган. Дарвеш Муҳаммад Тоқий кўчирган қўлёзма китоблар: Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик ин-тида Ҳусайн Воиз Кошифийнинг «Лубоб ул-албоб» (Раками — 2227, 1477 й. да кўчирилган), Алишер Навоийнинг учта терма девони (Р—3479, 4007, 7701; 15-а. охири — 16а. бошлари), Абдураҳмон Жомийнинг «Баҳористон» (Р—3376/1, 15-а. охири), Муҳаммад Тоҳирий Ғаззолийнинг «Маърифат ул-мазоҳиб» (Р—3376, 1502 й.) асарлари; Санкт-Петербургдаги Салтиков-Шчедрин номидаги оммавий кутубхонада Низомий Ганжавийнинг «Хамса»си (Дорн 338, 1482 й.), Истанбулдаги Тўпқопу саройи кутубхонасида Алишер Навоийнинг ҳаётлигида тартиб берилган мўътабар «Куллиёт»и (26 асарни ўз ичига олган, 802 варакдан иборат) расмли қўлёзма китоби (Р-808, 1497— 1500 й. лар) сақланади.