ДАОСИЗМ

ДАОСИЗМ (дао сўзидан) — 1) қад. хитой фалсафасидаги йўналишлардан бири; дао ҳақидаги таълимот. Мил. ав. 6—5-а. ларда вужудга келган. Асосчиси Лао-цзи ҳисобланади, унинг ғоялари «Дао дэ цзин» китобида баён этилган. Даосизм вакиллари — мил. ав. 4 — 3-а. ларда яшаган Ян Чжу, Инь Вэнь, Чжуан-цзи. Даосизмга кўра, табиат ва инсон ҳаёти «илоҳий самовий қонун»га боғлиқ эмас, балки нарсаларнинг табиий йўли, қонуни — «дао»га асосланади. Ян Чжу фикрича, ҳаётнинг табиий қонунлари — «дао»га риоя қилиш инсонга «ўз табиатини бутунликда сақлаб қолишга» имкон беради. Даосизм дунёдаги ҳамма нарсаларда қарамақаршиликлар кураши ётади, улар ўзгаришда, ҳаракатда: «бир хил нарсалар кетиб, бошқа хил нарсалар келади, баъзи нарсалар гуллайди, баъзилари сўнади», деб ҳисоблайди. Даосизм таълимотида инсонга ўзидаги мажбурият ва бурч кишанларини улоқтириб ташлаб, табиатга яқин бўлган ҳаётга қайтиш даъвати бор.

2) Хитойда тарқалган 3 диндан (конфуцийчилик, буддизм билан бир қаторда) бири. Даосизм фалсафий таълимоти асосида пайдо бўлган. 1—3-а. ларда вужудга келган. Чжан Даолин асос солган (2-а. нинг 1-ярми). Даосизм урф-одатлари анимизмга ва сеҳргарликка ишонишга асосланган. Конфуцийчилик, буддизм элементлари ҳам бор. Даосизм динида 3 худо — Шанди, Лаоцзи ҳамда дунёнинг яратувчиси Пань гу бошчилигида худолар пантеони шаклланган. 5-а. дан Даосизм диний таълимоти, маросимлари расмийлашган ва давлат дини бўлиб қолган. 12-а. га келиб Даосизмнинг адабиётлар тўплами — «Дао цзан» вужудга келди. Даосизм бошқа динлар каби кўплаб секталарга ажралиб кетган. Даосизм коҳинлари шахснинг ахлоқий ўз-ўзини такомиллаштириш ғоясини тарғиб қилиб, диндорларга узоқ умр кўришнинг муайян усулини ҳам таклиф қиладилар, бу усул парҳезни, жисмоний машқлар тизими ва б. ни ўз ичига олади. Айни вактда коҳинлар ёвуз руҳларни ҳайдаш, фол очиш билан ҳам шуғулланади. Кейинчалик Д. Хитойда ўзининг илгариги мавқеини йўқотиб ўрнини бошқа динларга бўшатиб берган. Ҳозир унинг тарафдорлари нисбатан озчиликни ташкил қилади.