ЧУСТ МАДАНИЯТИ

ЧУСТ МАДАНИЯТИ — Фарғона водийсидаги кўҳна деҳқончилик маданияти (мил. ав. 2минг йиллик охирги чораги — 1минг йиллик бошлари). Деҳқонлар сув бўйидаги унумдор ерларни ўзлаштирилишига қараб алоҳида воҳа ёки гуруҳ тарзида жойлашганлар. Чуст маданияти ёдгорликлари, асосан, Фарғона водийсининг шим. шарқий туманларида учрайди, уларнинг сони ҳоз. 80 дан ортиқ. Бу маданиятга тааллукли 1ёдгорлик 1950 й. тошкентлик археологлар М. Э. Воронец ва В. И. Спришевскийлар томонидан ҳоз. Чуст ш. яқинидан топилган. Маданият номи шундан (маҳаллий аҳоли Буонамозор деб атайди). 1953— 61 йларда В. И. Спришевский Чуст маданиятида мунтазам археологик текшириш ишлари олиб борган. Чуст маданиятини кейинги ўрганилишида СанктПетербурглик олим Ю. А. Заднепровскийнинг хизматлари катта бўлган. Чуст маданиятининг айрим ёдгорликларида (Далварзин, Чует) мудофаа иншоотлари ўрганилган. Андижон вилояти, Жалақудуқ туманидаги Далварзин водийсидаги илк шаҳар ва ўзига хос марказ бўлгани (мил. ав. 12 — 7-а. лар) археологик жиҳатдан исбот этилган.

Ҳоз. кунда Чуст маданиятида 3 хил турдаги яшаш жойлари кавланган:

1) чайлага ўхшаш енгил уйлар;

2) ертўлалар;

3) ғиштпахсадан қилинган уйлар. Чуст маданияти соҳиблари, асосан, илк суғорма деҳқончилик (арпа, буғдой, тариқ), чорвачилик, металл (жез)га ишлов бериш, кулолчилик, тўқимачилик билан шуғулланганлар; овчилик, балиқ овлаш ҳам хўжаликда муҳим роль ўйнаган. Бунга археологик ёдгорликларни қазиш пайтида топилган жез пичоқлар, бигизлар, металлга ишлов беришда ишлатилган тош қолиплар, тўқимачиликда қўлланилган суякдан ясалган тароқсимон асбоблар ҳамда минглаб сопол идишлар гувохлик бермоқда. Уйрўзғор буюмлари ичида, айниқса, нақшиндор сопол идишлар ажралиб туради. Нақшлар, асосан, геометрик шаклда қора, жигарранг бўёқ билан идиш сиртига берилган. Айрим ҳолларда ҳайвон тасвирлари (эчки) ҳам учрайди. Чуст маданияти аҳолиси марҳумларни ўзлари яшаб турган жойга (уй ичига ва остоналарга) дафн этишган. Алоҳида ажратилган қабристонлар бўлмаган. Марҳумларни якка ва кўпчилик қилиб ғужанак ҳолда ён томон билан кўмганлар. Фақат Далварзинтепада одам суяги ва калласи алоҳида, иккиламчи бор кўмилгани қайд этилган. Булардан ташқари, уй ҳайвонлари ҳам баъзида одам суяклари билан бирга кўмилган. Ҳозирда Чуст маданиятининг ўзига хос маҳаллий хусусиятлари ва қўшни ҳудудлар [Тошкент воҳасидаги Бурғулуқ (Бурганли)] маданияти, Жан. Узбекистоннинг Кучуктепа маданияти билан алоқалари (Б. Х. Матбобоев) ўрганилмоқда.

Ад.: Матбобоев Б. Х., Локальные варианты Чустской культуры Ферганы, Л., 1985; Вайнберг Б. И., Ставиский Б. Я., История и культура Средней Азии в древности, М., 1994.

Боқижон Матбобоев.