ЧИМЁН САНАТОРИЙСИ

«ЧИМЁН» САНАТОРИЙСИ — бальнеологик курорт. Фарғона ш. дан 32 км масофада, Катран тизмаси ён бағрида, денгиз сатҳидан 450 м баландликда, Олтинсой дарёси водийсида жойлашган. 1979 й. 17 апрелда ташкил этилган. Майд. 28 га. Санаторийда овқат хазм қилиш, қон айланиш, нерв, таянчҳаракат системаси, гинекологик ва урологик касалликлар билан оғриган беморлар даволанади. Санаторий 1000 ўринга мўлжалланган, бирикки кишили палаталари бўлган ётоқ корпусларига эга; у яхши кўкаламзорлаштирилган, гулзор ва манзарали дарахтлари бор. Иқлими континентал; ёзи иссиқ, қуруқ, қиши юмшоқ, янв. нинг ўртача траси —1,5°, июлники 26°, ҳавонинг нисбий намлиги 48%.

Даволаш омили — водородсульфидли мацеста типидаги минерал сувлар ва Балиқли кўлининг балчиғи. Бундан ташқари, ичиш учун сульфатгидрокарбонатнатрийли кучсиз (1 г/л гача) минерал сув ишлатилади.

Минерал сувдан, асосан, ванналар учун, меъдани ювиш, ичакларни чайиш, тюбаж, душ, сув ости массажи қилишида фойдаланилади. Бундан ташқари, физиотерапия, даво физкультураси, шифобахш балчикли аппликация билан даволаш усуллари ҳам қўлланилади. Сульфидли сувлар одам организмига тери шиллиқ қаватлари ва нафас йўллари орқали тушганда шифобахш таъсир қилади, эркин водородсульфиди борлиги туфайли одамни соғломлаштиради. Улар энергия алмашинувига таъсир қилиб, томирлар ўтказувчанлигини оширади, регенератив жараёнларни фаоллаштиради, юрак фаолиятини кучайтиради, артериал босимни пасайтиради, оғриққа ҳамда яллиғланишга қарши таъсир кўрсатади ва ҳ. к. Санаторий замонавий тиббий асбобускуналар билан жиҳозланган; унда ётоқ корпусларидан ташқари маданият саройи, кутубхона, спорт майдончалари, маданиймаърифий бинолар мавжуд (2004). Болалар ва отаоналари учун йил бўйи ишлайдиган бўлим ҳам бор (200 ўринли).