МОДДИЙ НУҚТА — кузатилаётган шароитда катталиги ва шакли аҳамиятсиз бўлган ҳаракати ўрганилаётган жисм. Муайян жисмни Моддий нуқта деб қабул қилиш мумкин ёки мумкин эмаслиги жисмнинг ўлчамларига эмас, балки масаланинг шартларига боғлиқ. Mac, ўртача радиуси 6371 км бўлган Ер шари Қуёш атрофидаги орбитасида ҳар секундда 29,75 км дан йўл босиб, бир йил давомида бир марта айланиб чиқади. Бундай шароитда Ер шарининг катталиги, шакли ва унинг ичида содир бўлаётган мураккаб жараёнлар унинг орбита бўйлаб ҳаракати ўрганилаётганда аҳамиятсиз бўлади. Демак, Ернинг Қуёш атрофидаги орбита бўйлаб ҳаракати ўрганилаётганда уни Моддий нуқта деб қабул қилиш мумкин. Аммо Ер сиртидаги бирор транспорт воситасининг ҳаракати ўрганилаётган бўлса, бундай шароитда Ер шарининг катталиги ва шакли, албатта, эътиборга олиниши шарт, яъни бу шароитда Ерни Моддий нуқта деб кабул қилиш мумкин эмас. Моддий нуқта тушунчаси физика фанига оид жуда кўп ҳодисаларни тушунтиришда ва масалаларни ҳал этишда катта ёрдам беради.