МИРСОАТОВ Анвар (тахаллуси Мирзо Анвар, 1939.13.2, Тошкент) — манзарачи рассом, рангтасвир устаси, Ўзбекистон халқ рассоми (2001). П. Беньков номидаги Республика рассомлик билим юрти (1962) ва Низомий номидаги Тошкент педагогика ин-ти (1972) ни тугатган. М. Ғарбий Европа санъати, француз импрессионистлари, айниқса, неоимпрессионистлари ижодини ўрганди, улардан таъсирланди («Менинг қўшиғим», 1974 ва б.). Рассом ижодида Ўзбекистоннинг гўзал табиати, унинг гуллаган боғлари етакчи ўрин эгаллайди: «Ургут» туркуми (1980), «Фарғона ҳовлиси» (1986), «Ойдин кеча» (1988), «Биринчи қор» (1994), «Тоғдаги эрта баҳор» (1994), «Сижжак» (1998), «Боғистон» (2000), «Чорбоғ» (2000), «Ватан ҳақида қўшиқ» (2000), «Қишки Чимён» (2001) ва б. М. асарлари республика ва хорижий (АҚШ, Япония, Англия, Швеция, Туркия ва б.) мамлакатлар музейлари ва хусусий тўпламларида сақланади. 2002 й. дан «Мирзо Анвар манзара галереяси» ишлайди.