МИРЗАОБОД ТУМАНИ

МИРЗАОБОД ТУМАНИ — Сирдарё вилоятидаги туман. 1988 й. 2 сент. да ташкил этилган. Дастлаб Комсомол, 1992 й. 22 окт. дан Мирзаобод деб номланган. Вилоятнинг Сирдарё, Гулистон, Сайхунобод, Боёвут, Меҳнат-обод, Шароф Рашидов ва Оқолтин туманлари ҳамда бир қисми Қозоғистон билан чегарадош. Майд. 0,44 минг км2. Аҳолиси 41,5 минг киши (2000). Мирзаобод туманида 7 қишлоқ фуқаролари йиғини (Бирлашган, Меҳнатобод, Мирзачўл, Навбаҳор, Нурафшон, Оқолтин, Тошкент) бор. Маркази Наврўз қишлоғи.

Табиати. Мирзаобод тумани Мирзачўл текислигида жойлашган. Ер юзаси текислик (ўртача бал. 250 м), лёссимон қумоқ ва кумлокдар билан қопланган. Иқлими континентал. Июлнинг ўртача т-раси 28°, янв. ники —2° дан —4° гача. Йилига 200—300 мм ёғин тушади. Грунт сувлари шўр ва шўртоб. Тупроклари, асосан, бўз тупроқ. Табиий ўсимликлардан мия, янтоқ, қамиш, юлғун, қиёқ кабилар ариқзовурлар четида ўсади. Чиябўри, тўқай мушуги, бўрсиқ, қўшоёқ, кўрсичқон, калтакесак ва илонлар учрайди. Паррандалардан ўрдак, лойхўрак, қирғовул, сўфитўрғай, чумчуқ ва б. бор.

Аҳолиси, асосан, ўзбеклар, шунингдек, рус, татар, тожик, қозоқ, озарбайжон ва б. миллат вакиллари ҳам яшайди. 1 км2 га 94 киши тўғри келади.

Хўжалигининг асоси — деҳқрнчилик, етакчи тармоғи — пахтачилик. Ғалла, сабзавот, полиз, мева, узум, картошка ҳам етиштирилади. Туманнинг асосий экин майдони 44426 га, шундан суғориладиган ерлар 24043 га. Мирзаобод туманида 10 ширкат, 43 деҳқон-фермер хўжалиги, 5 хусусий ферма, 2 чорвачилик акциядорлик жамияти бор. Туманда 3 саноат, 2 қурилиш корхонаси, 37 хусусий корхона, деҳқон бозори, Халқ банки биноси, стадион, теннис корти мавжуд. 30 га яқин умумий таълим мактаби, касб-ҳунар, 2 иқтидорли болалар лицейлари фаолият кўрсатади. 3 касалхона, 5 қишлоқ врачлик пункти, марказий поликлиника халққа хизмат қилади.