МИКРОБИОЛОГИЯ САНОАТИ — саноат тармоғи; и. ч. жараёнида турли ноозиқ-овқат хом ашё турлари (нефть ва газ углеводородлари, гидролизатлар, ёғоч)дан ва қанд лавлаги, маккажўхори, мойли ва ёрмабоп экинлар ва б. нинг донини саноатда кайта ишлаш чиқитларидан қимматли маҳсулотларни микробиологик синтез қилиб олишга асосланади. Оқсилвитаминли концентратлар, аминокислоталар, витаминлар, фермент препаратлари, антибиотиклар, ўсимликларни зараркунанда ва ҳашаротлардан ҳимоя қилишда қўлланиладиган бактерияли ва вирусли лре-паратлар, бактерияли ўғитлар, шунин-гдек, ўсимлик хом ашёсини комплекс қайта ишлаш маҳсулотлари — фурфурол, ксилит ва б. ишлаб чиқаради. Микробиология саноати фантехника тараққиёти ютуқлари негизида вужудга келган ва микробиология техникаси, кимё, физика, кимёвий технология, биотехнология ва б. нинг энг янги ютуқларига таянади. Микроорганизмларга хос бўлган моддаларнинг ферментлар таъсирида ўзгаришларида юзага келадиган улкан энергиядан қ. х. ва саноат учун зарур маҳсулотларни мақсадга мувофиқ синтез қиладиган мукам мал муҳандисликбиологик системалар барпо этилган. Микробиология саноати маҳсулотларининг катта қисми биологик жиҳатдан юқори сифатли аралаш ем и. ч. да ишлатилади. Емга қўшилган 1 т ем ачитқи тирик вазнда қўшимча 1,5—2 т парранда гўшти ёки 15—25 минг дона тухум олишни таъминлайди ва 3,5—5 т донни тежаш имкониятини беради. Ем ачитқилари билан бирга рационда етишмайдиган витаминлар ва аминокислоталар, ем антибиотиклари, ферментли препаратлар молларнинг озуқа рационига қўшилади.
Микробли ва вирусли инсектицидлар одамлар, фойдали ҳайвонлар ва ҳашаротлар учун хавфсиз ҳисобланади. Ферментли препаратлар қ. х. хом ашёларига ишлов беришда бир қатор технологик жараёнларни анча тезлаштиради, озиқ-овқат, гўшт, сут саноати, енгил саноатда маҳсулот чиқишини оширади ва сифатини яхшилайди. Ферментли препаратлар, шунингдек, кимё ва қора металлургия саноатида, саноат ва коммунал оқова сувларини тозалаш тизимларида қўлланилади. Микробиология саноати маҳсулоти бўлган лизин, ферментли ва оқсилли препаратлар нон ва нон маҳсулотларини, озиқ-овқат коцентратларини оқсил билан бойитиш, уларнинг озуқалик қимматини оширишда фойдаланилади. Ўзбекистонда Микробиология саноати маҳсулотлари «Қўқон спирт заводи» акциядорлик жамияти (1989; дон (буғдой) дан ректификация қилинган этил спирти), «Андижон биокимё заводи» акциядорлик жамияти (1953; фурфурол, спирт, этил спирти, қуруқ хлорелла ва б. микробиология маҳсулотлари); Янгийўл «Биокимё» акциядорлик жамияти (1949; этил спирти, ўсимлик хом ашёсидан техник спирт, ем-хашак ачитқиси, қуруқ ем-хашак қўшимчаси), Фарғона фуран бирикмалари кимё з-ди (1946; чигит шулхаси, шоли қипиғи, пахта лин-ти ва б. дан фурфурин, этил, техник спиртлар) да ишлаб чиқарилади. Микробиология саноатининг айрим маҳсулотлари «Ўзфармсаноат» компанияси корхоналарида тайёрланади.
Рихсивой Ёқубов.