МИЁНҚОЛ ҚЎЗҒОЛОНИ

МИЁНҚОЛ ҚЎЗҒОЛОНИ — Бухоро хонлигида амир Ҳайдарнннт солиқ сиёсатига қарши хитойқипчоқлар қўзғолони (1821—25). Миёнқол 19-а. нинг бошларида ўзаро ички низо авж олган ҳудудга айланган. Катта солиқ ва мажбуриятлар, амалдорларнинг ўз мансабларини суиистеъмол қилишлари деҳқон ва ҳунармандлар турмушига жуда салбий таъсир қилмоқда эди. Миёнқол аҳолиси учун Марвда ҳарбий хизматни ўташ яна бир оғир маж-бурият бўлган. 1820 й. амир Ҳайдар қўшини орасида вабо касали тарқалган, шу туфайли 1821 й. баҳорда Миёнқолдаги қабилалардан 500 кишини Марвга сафарбар этиш ҳақида янги фармон эълон қилинган. Каттақўрғон ҳокими — Аёзбий муддатидан аввал хирожни йиғиб олиш ҳақида кўрсатма берган, солиқ тўламаган деҳқонлар аёвсиз жазоланган. Деҳқонларнинг амирга қилган шикоятлари натижасиз чиққан.

Миёнқол қўзғолони 4 йил давом этган, унда меҳнаткаш халқнинг барча табақалари, шунингдек, амир сиёсатидан норози бўлган айрим мулкдорлар, амалдорлар ҳам қатнашган. Қўзғолон янгидан-янги туманларни қамраб олган.

Амир Ҳайдар қўзғолонни бостириш учун янгидан сафарбарлик эълон қилиш, қўшимча солиқлар ундириш ҳақида фармон чиқарган. Қўзғолоннинг сўнгги босқичида унинг мулкдор табақага мансуб айрим раҳбарлари хиёнат йўлига ўтишган. Амирнинг кўплаб айғоқчилари қўзғолончилар қароргоҳида тайёрланаётган жанг режалари ҳақида маълумот етказиб бериб турардилар. Қўзғолончиларда жанговар ҳаракатларнинг аниқ режаси йўқ эди, ҳарбий куч ва техника жиҳатдан устунлик амир томонида эди, бундан ташқари, иқтисодий қийинчиликлар ва хиёнат, алдов натижасида қўзғолончилар таслим бўлганлар.