МЕҲНАТ ДАФТАРЧАСИ — ходимнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги асосий ҳужжат. ЎзР Меҳнат кодексига кўра, иш берувчи корхонада 5 кундан ортиқ ишлаётган ходимларнинг ҳаммасига Меҳнат дафтарчасини тутиши шарт (ўриндошлик асосида ишловчилар бундан мустасно). Меҳнат дафтарчасига ходим, у бажараётган иш ҳақидаги маълумотлар киритилади. Жазолар Меҳнат дафтарчасига ёзилмайди. Меҳнат шартномаси (контракти) ходимнинг ташаббуси билан касаллиги, ногиронлиги, қарилик туфайли пенсияга кетиши, олий ёки ўрта махсус ўқув юртига ёхуд аспирантурага кирганлиги ва қонун муайян имтиёзлар, афзалликлар беришни назарда тутадиган бошқа сабабларга кўра бекор қилинганда, Меҳнат дафтарчасига ишдан бўшаш ҳақидаги ёзув ушбу сабабларни кўрсатган ҳолда ёзилади. Ходим ишдан бўшаганда Меҳнат дафтарчаси унга ишдан бўшаш кунида берилади.