МЕДАЛЬ ЯСАШ САНЪАТИ, медальерлик — тасвирий санъат (ҳайкалтарошлик)нинг алоҳида соҳаси; танга ва медаль қуйиш учун қолип, уларни зарб қилиш учун тамга (штемпель) ясаш санъати, глиптика тури. Хом ашё сифатида майда шаклларни аник, бера оладиган мустаҳкам ва шаклга осон берилувчан металлар (мис, кумуш, олтин ва б.)дан фойдаланилади. Нафис санъатнинг ривожланиш қонуниятларига бўйсунган Медаль ясаш санъати бир қатор ўзига хос хусусиятларга эга: берилган шакл (асосан, айлана) ичига тасвирни жойлаштириш, тасвир билан ёзув уйғунлаштирилган композиция яратиш, тасвирда рамз, нишон, мажозларни кенг қўллаш ва б. М. я. с. нинг юзага келиши танга пулларнинг пайдо бўлиши билан боғлиқ. Танга зарб қилиш мил. ав. 8—7-а. лар (Лидия ва Юнонистон)да юзага келган. Танга ясашда кандакори усулида тасвир туширилган босма металл тамғалар қўлланилган, айрим ҳоллардагина, айниқса, йирик тангаларни куйишда сопол ва гипс қолиплардан фойдаланилган. Юнонистон тангалари унча катта бўлмаган ва бир томонига ихчам ва аниқ тасвир ишланган. Мил. ав. 5—4-а. ларда тангалар йириклашган, уларга кўп шаклли композициялар жойлаштирилган; эллин даври (мил. ав. 4—1-а. лар)да композицияга ҳукмдорларнинг портретлари, ёзувлар киритилган. Шарқда тангаларга ёзувлар (асосан, араб ёзуви) нақш даражасида жозибадор қилиб ишланган.
14—15-а. лар чегарасида Италияда Уйғониш даврида медаль (ёдгорлик нишони) пайдо бўлган. Италия медаллари композициясининг соддалиги, умумлашма шаклларнинг кенгликда эркин ва уйгунликда жойланиши билан ажралиб туради. 17-а. да металлургияда ўта қаттиқ пўлат қолиплар тайёрлашга имкониятлар яратилгани Медаль ясаш санъатини ривожлантирди, танга ва медалларни кўплаб тайёрлаш имкони туғилди. Турли даврлар (айниқса, 19—20-а. лар)да тасвирий санъатда бўлгани каби Медаль ясаш санъатида ҳам турли (барокко, ампир, романтизм, импрессионизм, кубизм ва б.) санъат оқимларининг таъсири кузатилади, улар таъсирида соҳа усталари янги ифода (айниқса, шаклий) воситаларини изладилар, қўлладилар; тангалар тайёрлашда янги техник воситалар қўлланилди.
Замонавий Медаль ясаш санъати замонавий техника ютуклари ва бадиий ифода воситаларини қўллаган ҳолда ривожланмоқда; яратилаётган медаль ва тангалардаги тасвирлар кўтаринки руҳи, дадил ва ўткир композиция ечими, ифодали умумлашма образи, нафис шакли, рангбаранг ижро усули ва бадиий услублари билан аҳамиятли. Тарихий воқе-алар, муҳим саналар, фан ва техника ютуклари, жамоат ва давлат арбоблари ва б. медаль ва тангаларда ўз ифодасини топмоқда.
Ўзбекистонда Медаль ясаш санъати соҳасида С. Шарипов, В. Малахов, А. Мамажонов ва б. самарали ижод қилмоқда.
Турсунали Қўзиев.