МЕВА ШАРБАТИ

МЕВА ШАРБАТИ — мева ва сабзавотлардан олинадиган ширин суюклик; мева суви. Асосан, олма, узум, шафтоли, олхўри, ўрик, анор, сабзи ва б. дан олинади. Мева шарбатининг 2 хил: тиниқ ва мева эти билан тайёрланадиган турлари ишлаб чиқарилади. Эти билан тайёрланадиган Мева шарбатига ўрик, шафтоли, ол-хўри ва б. шарбати киради. Саноатда 2 ёки бир неча хил мевасабзавотлар шарбатлари аралашмасидан иборат бўлган омихта (аралаш) шарбатлар ҳам ^ишлаб чиқарилади. Мева шарбатининг табиий (қанд қўшилмаган) ва 5—15% қанд қўшилган хиллари бор. М. ш. да мева ва сабзавотлар таркибидаги барча фойдали озиқ моддалар (қанд, органик моддалар, кислоталар, витаминлар, минерал тузлар, пектин, клечатка ва хушбўй моддалар) бўлиб, таъми сақланади. Мева шарбати таркибида: 5—15% қанд, 0,3—3,0% органик кислоталар, турли витаминлар, минерал тузлар ва б. бор. Мева шарбати чайков босувчи спиртсиз ичимликлар, сироп (ширин сув), ликёр ва б. тайёрлаш учун ишлатилади.

Мева шарбати олиш учун мева ёки сабзавот аввал махсус машиналарда ёки душ остида ювилади. Сўнгра шнекли иситкичларда стериллангач, кетма-кет ўрнатилган иккита тозалаш машинасига тушади. Биринчи машинада данаги, уруғи, пўстлоғидан тозаланиб, массага айлантирилади. Иккинчи машинада масса диаметри 0,5 мм ли тешиклардан ўтказилади. Баъзи Мева шарбати махсус идишларда қандли сироп билан аралаштирилади. Центрифугада шарбат охирги қолдиқ — йирик фракциялардан тозаланиб, гомогенизаторда соф Мева шарбатига айлантирилади. Ниҳоят шарбат қиздирилиб (50—60°), деаэрация қилинади (таркибидаги кислороди кетказилади), идишларга солиниб, пастеризация қилинади. Мева шарбати поток линияларда олинади. Махсус мева шарбатини оладиган пресслар мавжуд. Мева шарбатини уй шароитида ҳам тайёрлаш мумкин.

Олимжон Алимов.