МАХОВИК, залвор масса — залвор тўғинли пўлат ёки чўян ғилдирак. Поршенли двигателлар, компрессорлар, насослар ва б. Машиналарнинг етакчи валларига ўрнатилади. У валнинг бир меъёрда равон айланишини таъминлайди. Етакчи валнинг айланиши тезлашган пайтда Маховик кинетик энергияни тўплаб, ҳаракат секинлашганда уни «қайтариб» беради, яъни вални тез айланишда давом этишга маж-бур қилади. Маълумки, поршенли двигателларда поршень цилиндр ичида ҳаракатланганда дам энг юқориги вазиятни, дам энг пастки вазиятни эгаллайди. Ана ўша энг юқориги вазият юқори чекка нуқта (ЮЧН), энг пастки вазият пастки чекка нуқта (ПЧН) деб аталади (қ. Ички ёнув двигатели). М. поршеннинг ана шу ЮЧН ва ПЧН лардан қўзғалишига имкон беради. Инерцион (инерция кучи билан ишлайдиган) двигателларда Маховик тўплаган энергиядан машинани юргизиш учун фойдаланилади (қ. Жиробус).