МАРС МАЙДОНИ

МАРС МАЙДОНИ — 1) Қад. Римда Тибр дарёсининг чап соҳилидаги майдон (шаҳар ташқарисида). Дастлаб Марсга бағишланган маросимлар, ҳарбий ва гимнастик ўйинлар, чавандозлик мусобақалари ўтказилган. Республика даври (мил. ав. 6-а. охири)да халқ йиғини ўтказилган жой. Кейинчалик майдоннинг бир қисмида иморат қурилиб, Марс меҳроби ўрнатилган жойгина Марс майдони деб юритиладиган бўлган;

2) Париждаги (Сена дарёсининг чап соҳилида) майдон. 18-а. нинг 2-ярмида ҳарбий машклар, Буюк француз инқилоби даврида оммавий намойишлар ва тантанали маросимлар ўтказилган. Марс майдонида 1889 й. да Эйфель минораси курилган;

3) Петербургдаги майдон, шаҳар маркази лойиҳа тизимидаги муҳим таркибий қисми. 1818 й. қад. Рим М. м. га қиёслаб номланган. Саркарда П. А. Румянцев («Румянцев обелиски», мармар гранит, 1798—99, меъмор В. Ф. Бренно) ва А. В. Суворов (бронза, гранит, 1799—1801, ҳайкалтарош М. И. Козловский)га ёдгорлик ўрнатилган. Ансамблда мармарли сарой (1768—85, меъмор А. Ринальди), Павловск казармалари (1817—20, меъмор В. П. Стасов), шунингдек, Муҳандислик қўрғони, Ёзги боғ бор.