МАМЕДОВА Турсуной Сотиболдиевна (1941.14.10, Учқўрғон тумани — 1996.4.5, Наманган) — хонанда. Ўзбекистон халқ артисти (1991). Наманган театри (1957—62 ва яна 1972 й. дан) да, 1962—72 й. лар Муқимий театрида ишлаган. «Сингиллар киссаси» спектаклидаги Иқбол унинг саҳнада яратган илк образидир. Мамедова мураккаб образларнинг энг нозик қирраларини, ички кечинмаларини томошабинга таъсирли килиб тасвирлаган. Мамедованинг актёрлик маҳорати Омина («Синдирилган кўза»), Мо-ҳим («Тоҳир ва Зухра»), Офтоб («Машраб»), Санобар («Ҳамза»), Ажар («Суймаганга суйканма»), Зеби («Холисхон»), Оққиз («Равшан ва Зулхумор»), Жўрахон («Фарғона ҳикояси»), Гулшан («Гули сиёҳ»), Ойсулув («Жон қизлар»), Манзура («Гавҳари шамчироқ») ва б. да, айниқса, «Юсуф ва Зулайҳо» мусиқали драмасидаги Зулайҳода, драматик маҳорати эса И. Друценинг «Касе Маре» психологик драмасидаги Василуцеда алоҳида намоён бўлди. Мамедова, шунингдек, «Бобур» видеофильмида Бобур мирзонинг онаси — Қутлуғнигор, «Кеча ва кундуз» видеофильмида Хадича каби ролларни ижро этган. У халқ қўшиклари, лапар ва термаларни ўз доираси жўрлигида айтишда етакчи ижрочилардан бўлган. «Ишқингни авайла», «Лайломисан сан», «Дилда ишқинг» каби ашулалари билан танилган.